Гўдакларнинг миясида нималар кечади? Янги тажриба бошланди

Сурат манбаси, Kevin Church/BBC News
- Author, Виктория Гилл
- Role, Илм-фан мухбири
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Икки ёшли Генри олдидаги iPad'га бутунлай мафтун бўлган. Ҳар сафар табассум қилган юз пайдо бўлганда, у экранни босади ва шу билан юз рақсга тушаётган ҳайвон мультфильмига айланади.
Бу оддий, такрорий ўйинга ўхшаса-да, аслида кичкинтойнинг ўсиб бораётган миясида ривожланаётган асосий кўникмани синовдан ўтказиш усулидир. Генри маълумотларни таҳлил қиладиган катта қурилмага уланган сенсорли қалпоқ кийган. У ўйин ўйнаётганда, қалпоқ унинг мия фаолиятини кузатиб, қарор қабул қилишни қанчалик яхши бошқара олишини аниқлайди.
Бу истакни назорат қилиш тести бўлиб, Бристол университети олимлари чақалоқлар ва гўдакларда ўлчайдиган кўникмалардан биридир. Бу тест ёш болаларда диққатни жамлаш ва ўрганишга имкон берадиган қобилиятлар қандай ва қачон ривожланишини тушунишга ёрдам беради.
Олимлар бу кўникмалар жуда муҳимлигини билишади, аммо улар чақалоқ миясида қайси босқичда шаклланишини ҳали аниқлай олишмаган.
Олти ойликдан беш ёшгача бўлган юзлаб болаларнинг улғайиши – уларнинг академик ва ижтимоий қобилиятларини шакллантирадиган асосий кўникмаларни эгаллаши жараёнида кузатиб борилмоқда.
Аммо бу инновацион лойиҳанинг ўзига хос жиҳати шундаки, у инсонни ўрганиш бўйича ўнлаб йиллар давом этадиган бошқа бир тажриба доирасидаги тажрибадир. Ўрганилаётган 300 нафар боланинг оналари ҳам 1990-йилларда уларнинг соғлиғи кузатилган лойиҳада қатнашишган.

Сурат манбаси, Kevin Church, BBC News
Ҳозирда бу болаларнинг мия ривожланиши ва уларнинг ота-оналари саломатлиги, тажрибаси ҳамда генетикаси ўртасидаги боғлиқликни очиб берадиган бутун умрлик маълумотлар тўпланмоқда.
Бола ривожланишини ўрганиш учун ота-оналар ҳақидаги бундай бой маълумотларга эга бўлиш "дунёда мутлақо ноёб ҳодиса", дейди етакчи тадқиқотчи доктор Карла Холмбо.
"Биз турли кўникмалар қачон ривожланишини билишимиз ва ҳар бир бола вақт ўтиши билан қандай ўсишини ўрганишимиз керак."
Мактабга борганда қийналган болалар, одатда, кейин ҳам қийналишда давом этади, деб тушунтиради доктор Холмбо.
"Бу ҳатто вояга етгунча ҳам давом этиши мумкин. Шунинг учун, болани анча ёшлигидан қўллаб-қувватлай олишимиз учун ўрганишимиз керак бўлган ривожланиш даври бор."
Тадқиқот давомида ёш иштирокчилар ва уларнинг ота-оналари университетнинг психология лабораториясига ақлий ўйинлар ўйнаш ва мия фаоллигини ўлчаш учун таклиф этилади. Кўпчилик олти ойлик, уч ёш ва беш ёшида МРТ текширувидан ўтади, бу уларнинг ривожланаётган миясининг ҳақиқий тасвирини яратади.

Сурат манбаси, Kevin Church/BBC News
Генри ўйнаётган ўйинининг асосий жиҳати юзнинг iPad экранида пайдо бўлишидир. Гўдак экраннинг ўнг томонида қайта-қайта пайдо бўладиган юзга ўрганиб қолгач, у кутилмаганда чап томонда пайдо бўла бошлайди.
"Биз Генри шунчаки ўнг томонни босишни тўхтатиб, табассум қилган юз қаердалигини қидирадими, шуни аниқламоқчимиз", деб тушунтиради тадқиқотчи ёрдамчиси Кармел Бро.
Доктор Холмбо тушунтиришича, бу кўникма болалар мактабга борганда жуда муҳим.
"Дарсда бола диққатини жамлай олиши ва эътиборини чалғитмаслиги керак, – дейди у. – Янги нарсаларни ўрганиш учун эски одатларни тўхтата олиши лозим."

Сурат манбаси, Victoria Gill/BBC News
Бошқа хонада икки ёшли Жексон ўзининг ишчи хотирасини текшириш учун мўлжалланган ўйинни ўйнамоқда.
Тадқиқотчи ёрдамчиси уни турли идишларга стикерлар қўяётганини кузатишга ундайди. Кейин кичкинтойдан қайси идишларда стикерлар борлигини ва қайсиларида йўқлигини эслаб қолиш сўралади. Болани қизиқтириш учун Жексон ўзи топган барча стикерларни ўзига олиши мумкинлигини айтишади.
"Ишчи хотира – муаммони ҳал қилиш ёки вазифани бажариш учун миямизда керакли маълумотни сақлашимиз керак бўлган пайт – масалан, бошқотирма ечиш ёки ҳатто икки дақиқа олдин ниманидир қаерга қўйганимизни эслаш, – деб тушунтиради доктор Холмбо. – Биз математика ёки ўқишни ўрганаётганимизда бу кўникмаларга муҳтожмиз.
"Мен уларни муҳим кўникмаларнинг "ғиштлари" деб атайман."
Тадқиқот, шунингдек, тилнинг ривожланиши ва қайта ишлаш тезлигини баҳолайди – бу боланинг янги маълумотни қанчалик тез ўзлаштириши ўлчовидир.

Сурат манбаси, Kevin Church/BBC News
"90 йиллар болалари" лойиҳаси 35 ёшга тўлди. Асосан саломатликка эътибор қаратиб, 1991-1992 йилларда туғилган 14,5 минг болани кузатиш орқали семизлик, аутизм ва яқинда пандемиянинг руҳий саломатликка таъсири ҳақида маълумотлар тўпланди.
Лойиҳа маълумотлари бутун дунё олимларига улашилган ва минглаб илмий ишларда фойдаланилган.
90-йиллардаги болаларнинг овқатланиш рационини ўрганиш шуни кўрсатдики, боланинг овқат танлаб инжиқлик қилиши кўпинча ташвиш келтирса-да, унинг соғлиғи ва ривожланишига узоқ муддатли таъсир кўрсатмайди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Лойиҳанинг асосий қисми бўлган мунтазам тиббий текширувлар туфайли, ҳар беш нафар ёшдан бирида ёғли жигар касаллиги белгилари борлиги ва ҳар қирқ нафар ёшдан бирида асосан семизлик ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиш натижасида келиб чиққан жигар чандиқланиши бўлиши мумкинлиги аниқланди. Бу ҳолат қанчалик кенг тарқалганини кўрсатди ва овқатланиш орқали унинг олдини олиш йўллари ҳақида маълумот берди.
Tug‘ilganimizdan beri ikkalamiz ham bu jarayon ishtirokchisimiz. Boshida bu men uchun tanlov emas edi – onam meni ro‘yxatdan o‘tkazgan. Lekin hozir bu mening tanlovim.
Илмий кашфиётлар эса давом этмоқда. Ўтган ойда ўтказилган тадқиқот кўрсатишича, рационида ёғли балиқ бўлмаган болалар камроқ ижтимоийлашган ва меҳрсизроқ бўлади.
90-йиллар болаларининг фарзандлари устидаги ушбу сўнгги тадқиқотда олимлар айнан шакллантирувчи қобилиятлар ва мия ривожланишини ўрганмоқда. Улар ҳар бир болани мактабга боргунча кузатади.

Сурат манбаси, Emily Chatham
Генрининг онаси Эмили 90-йилларда ўрганилган. Бугун унинг ўғли тиззасида ўтирганча тадқиқот гуруҳининг пухта ишлаб чиқилган топшириқларидан бирини бажармоқда.
"Туғилганимиздан бери иккаламиз ҳам бу жараён иштирокчисимиз, – дейди Эмили. – Бошида бу мен учун танлов эмас эди – онам мени рўйхатдан ўтказган. Лекин ҳозир бу менинг танловим ва, менимча, жуда қизиқарли."
Доктор Холмбо айтишича, мақсад болаларнинг келажакда ривожланишига ёрдам бериш. Чунки улар мактабга чиққанида "аллақачон кеч бўлади».
"Бу болаларни ўз вақтида қўллаб-қувватлашга ёрдам берадиган пойдевордир."
Генри ва Жексон бошқотирма ва ўйинларини якунлаб, мияни сканерловчи қулоқчинларини ечишади.
"Ўғилларимга бу ерга келиш ёқади, – дейди Эмили. – Уларга барча ўйинчоқлар ёқади – бепул егуликлар олишади. Шунинг учун хоҳлаганича келавераман.
"Бу ишга бош қўшиб, келажак авлодларга ёрдам бериш мумкин бўлганда, нега буни истамаслик керак?"





























