Сиз ушбу сайтнинг камроқ интернет сарфлайдиган, фақат матндан иборат версиясини кўрмоқдасиз. Барча суратлар ва видеоларни ўз ичига олган сайтнинг асосий версиясини кўринг.
АҚШнинг янги ҳужумлари бошланди, Эрон Ҳурмуз бўғозини ёпди
Эрон кучлари Ҳурмуз бўғози орқали ўтаётган кемага зарба берганидан сўнг, АҚШ яна бир қатор ҳужумларни амалга оширди.
Америка зарбаларига жавоб тариқасида Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) мазкур сув йўли кейинги буйруққа қадар ёпилганини маълум қилди ҳамда минтақадаги АҚШ базалари ва унинг иттифоқчиларига қарши ҳужумлар бошлади.
ИИМК баёнотига кўра, Иорданиядаги АҚШ базаси нишонга олинган. Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Қувайт ва Баҳрайн ҳам Эрон томонидан учирилган ракета ва дронларга қарши чора кўрган.
Бу воқеалар ҳафта бошида учта тижорат танкерига қилинган ҳужумлардан кейин юзага келди. Ушбу ҳужумлар АҚШ ва Эрон ўртасида ўзаро зарбалар алмашинувига сабаб бўлган эди.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Якшанба куни эрталаб давлат оммавий ахборот воситалари хабар беришича, Эрон тасдиқланмаган йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган кемага денгиз қанотли ракетаси билан зарба берганидан кейин Ҳурмуз бўғозини кейинги буйруққа қадар ёпган.
Давлат ахборот агентлиги тарқатган баёнотда айтилишича, кема такроран берилган кўрсатмаларга амал қилмагани учун "огоҳлантирувчи ўқлар" билан нишонга олинган ва тўхтатилган.
Шу билан бирга, ИИМК бўғознинг ёпилиши муносабати билан АҚШ томонидан ҳар қандай "тажовуз" содир этилса, унга "қатъийлик билан" жавоб қайтарилишини ва минтақадаги янги базалар ҳам нишонга олинишини огоҳлантирди.
Эрон парламенти раиси ва шу билан бирга мамлакатнинг АҚШ билан музокаралар бўйича бош вакили Муҳаммад Боғир Ғолибов "Х" ижтимоий тармоғида шундай деб ёзди: "Бир томонлама келишувлар даври ТУГАДИ. Биз сизларга айтган эдик: ваъдангизда туринг ёки бадалини тўланг. Ҳақиқат эшигингизни қоқмоқда."
Ҳафта давомидаги учинчи ҳужумлар тўлқинини бошлар экан, АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) ИИМКни Ҳурмуз бўғозида Кипр байроғи остида сузиб юрган кемага "очиқдан-очиқ ҳужум қилганликда" айблади.
CENTCOM маълум қилишича, MV GFS Galaxy кемасининг машина бўлими жиддий шикастлангани сабабли у ҳаракатини давом эттира олмаган. Шунингдек, экипаж аъзоларидан бири бедарак йўқолган.
Буюк Британиянинг Денгиз савдо операциялари хизмати (UKMTO) ҳарбий идоралардан олинган маълумотларга таяниб, экипаж кемада қолиш имкони бўлмагани учун уни тарк этгани ва ҳозирда қутқарув қайиғида эканини билдирди.
"Эронга аввалги тижорат кемаларига қилинган ҳужумлар учун жавобгарликка тортилганидан кейин Меморандум талабларига амал қилиш имконияти яна бир бор берилди, аммо у яна бу талабларни бажара олмади", - дейилади CENTCOMнинг "Х" тармоғида эълон қилинган баёнотида.
Қўмондонлик маълумотига кўра, АҚШ зарбалари Эроннинг 140 та ҳарбий объектини нишонга олган. Улар қаторида ракеталар ва дронлар жойлашган нуқталар, алоқа тармоқлари ҳамда соҳил кузатув иншоотлари бор.
Бу баёнотни АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет ҳам бўлишиб, шундай ёзди: "Эрон нотўғри танлов қилди. Энди бунинг баҳосини тўлайди."
ИИМК эса АҚШ мамлакат жанубий соҳилларида жойлашган "бир қатор соҳил базалари ва телекоммуникация миноралари"га зарба берганини билдирди.
Жавоб чораси сифатида Эрон ўзининг "жавоб ҳужумларининг биринчи босқичи" доирасида Иорданиядаги шаҳзода Ҳасан авиабазасига зарба берилганини маълум қилди.
Эрон баёнотига кўра, мазкур ҳужум натижасида базанинг қўмондонлик ва бошқарув маркази ҳамда MQ-9 туридаги дронлар учун мўлжалланган ангарлар йўқ қилинган.
Ҳафта бошида учта тижорат танкери Уммон сув ҳудуди орқали ўтувчи, АҚШ томонидан тавсия этилган йўналишдан фойдаланиб бўғозни кесиб ўтишга уринган пайтда ҳужумга учради. Эрон эса хавфсиз деб ҳисобланадиган ягона йўналиш унинг ўз сув ҳудудлари орқали ўтувчи алоҳида маршрут эканини бир неча бор таъкидлаб келган.
Бу воқеа АҚШ томонидан амалга оширилган бир қатор зарбаларга сабаб бўлди. Эрон расмийларига кўра, ушбу ҳужумлар оқибатида 17 киши ҳалок бўлган, 115 киши эса жароҳат олган. Эрон бунга жавобан Форс кўрфазидаги АҚШнинг иттифоқчиларига қарши зарбалар берди.
Ўзаро ҳужумлар кескинликни янада кучайтирди. АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг ҳужумлари сулҳнинг тугаганини англатишини билдирди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса АҚШни келишувни бузганликда айблади.
Бироқ АҚШ раҳбари музокаралар барибир давом этишини ва воситачилар жараённи қайта тиклашга ҳаракат қилаётганини айтди. Америка оммавий ахборот воситалари хабар беришича, Эрон америкалик амалдорларга танкерларга қилинган ҳужумлар хато бўлганини ва бунинг учун мамлакат ичидаги назоратдан чиққан бир гуруҳни айблаганини маълум қилган.
Америка расмийлари воситачилар орқали Эрондан Ҳурмуз бўғози — халқаро денгиз юк ташувлари учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган сув йўли — очиқ эканини омма олдида эълон қилиш ва тижорат кемаларига ўқ узишни тўхтатиш бўйича мажбурият олишни талаб қилганликларини айтди.
Бўғознинг ёпилиши Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Мужтабо Хоманаийнинг қасос олиш ҳақидаги чақириғидан кейин содир бўлди. Бу унинг отаси ва аввалги олий раҳбарнинг дафн маросимидан кейинги биринчи оммавий баёноти бўлди.
Унинг отаси Али Хоманаий 28 феврал куни, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланган биринчи куни ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлган эди. У жума куни ўзининг туғилган шаҳри Машҳадда дафн этилди.
Давлат телеканали орқали ўқиб эшиттирилган баёнотда янги оятуллоҳ қасос олишни "миллат иродаси" деб атади.
Унинг сўзларидан иқтибос келтирилишича: "Шаҳид раҳбар ва ушбу икки урушда ҳалок бўлган барча шаҳидларнинг қони учун жиноятчи ва шармандали қотиллардан қасос олишга қасам ичамиз."
"Бу масала на менинг шахсий мавжудлигимга, на бошқа амалдорларнинг мавжудлигига боғлиқ. Биз бўламизми-йўқми, бу албатта амалга ошади."
Сўнгги бир неча кун давомида ўтказилган дафн маросимларида қатнашган кўплаб эронликлар АҚШ президенти Доналд Трампни ўлдиришга чақирувчи плакатларни кўтариб юрдилар. Трамп эса шанба куни бундай режалар амалга оширилса, АҚШ жавоб тариқасида Эроннинг "барча ҳудудларини вайрон қилиб ташлаши ва йўқ қилиши" ҳақида огоҳлантирган эди.
Ушбу ҳафтада The Wall Street Journal ва бошқа Америка нашрлари Исроил Вашингтонга Эрон яқинда АҚШ президентига суиқасд уюштириш режасини ишлаб чиққанлиги ҳақида разведка маълумотларини тақдим этганини хабар қилди.
Бироқ Трамп Теҳрон янги режа тайёрлаганини ҳам, бундай разведка маълумотларининг манбаи Исроил бўлганини ҳам рад этди. У New York Post газетасига берган интервюсида ўзини "анча вақтдан бери биринчи рақамли нишон" эканини айтди.