Футбол. Жаҳон чемпионати - 2026. Норвегия - Англия: викинг англосаксга қарши марду майдонда

    • Author, Алексей Калмиков
    • Role, Би-би-си
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Эрлинг Холанд ва Гарри Кейн Норвегия ва Англия жамоаларини муҳим ҳал қилувчи жангга бошлаб чиқишмоқда.

Шанба куни дунёдаги энг машҳур чемпионат — Англия Премьер лигасининг замонавий тарихидаги энг таниқли ҳужумчилардан икки нафари ўз терма жамоаларини Жаҳон чемпионати ярим финали йўлланмаси учун ҳал қилувчи тўқнашувга олиб чиқишади.

Жаҳон футболидаги икки гигант — норвегиялик Эрлинг Ҳоланд ва англиялик Гарри Кейн икки паҳлавон каби юзма-юз тўқнашади ва эҳтимол, ниҳоят, улардан қайси бири кучлироқ экани ҳақидаги баҳсга нуқта қўяди.

Кейн ва Ҳоланд ўртасидаги рақобат Месси ва Роналду ёки Ямал ва Беллингем каби тилларда достон бўлмаган. Чунки улар бир лигада атиги бир мавсум тўп суришган. Бироқ уларнинг фаолияти ўзаро чамбарчас боғлиқ ва Англия — Норвегия учрашуви ҳар иккиси учун ҳам шахсан ким кучлироқ эканлигини аниқлаш имконияти бўлиши айтилмоқда.

Гарри Кейн — Англия терма жамоасининг етакчиси ва тимсоли. Эрлинг Ҳоланд эса Норвегия термасининг асосий зарба кучи ва рамзи. Иккаласи ҳам миллий қаҳрамон ҳисобланади. Аммо ўхшашликлар шу ерда тугайди ва қизиқарли фарқлар бошланади.

Кейн — оилапарвар, босиқ ва вазмин инсон. Ҳоланд эса содда, очиқкўнгил йигит: ташқи кўриниши бироз ёввойироқ туюлса-да, доимо юзида табассум ва ҳаётдан мамнундек кўринади. Июл охирида Кейн 33 ёшга тўлади, Ҳоланд эса 26 ёшга киради. Ҳоланднинг Instagram саҳифасида 60 миллион обуначиси бор, Кейнники эса уч баробар кам.

Ҳоланд ижтимоий тармоқлар учун идеал қаҳрамон. Майдондан ташқарида у доим ҳазиллашади, қувноқ видеолар тайёрлайди ва оммабоп контент яратади. Майдонда эса унга тенг келадиганлар кам. Ҳатто футболдан узоқ одамлар ҳам Ҳоланд қаҳрамонлар ҳақидаги достонлардан чиққан баҳодирга ўхшаб кўринадиган видеоларни улашишади.

Видеоларда Ҳоланд жиловлаб бўлмас куч тимсоли. Улкан қадамлар билан майдон бўйлаб югуриб, жарима майдонидаги ҳимоячиларни осонликча четга суриб ташлайди. Мана у — қимирлатиб бўлмас тўсиқ. У қоя каби маҳкам туради ва уни йиқитиш ёки жойидан қўзғатишга уринганлар бирин-кетин мағлуб бўлишади.

Кейн эса унинг мутлақо аксидир. Унинг ҳаёт тарзи анча камтар. У мактабдаги севгилисига уйланган ва тўрт фарзанди бор. Оммавий чиқишларда асосан оила, жамоа ва хайрия ишлари ҳақида гапиради. У ишончли, интизомли профессионал ва ҳурматга сазовор етакчи ҳисобланади.

Футбол майдонидан ташқарида унинг асосий қизиқиши — голф... TikTok ёки Instagram учун унчалик жозибали машғулот эмас.

Муваффақият ва машаққат рамзи

Англия футболидаги бу икки гигантнинг характеридаги фарқ уларнинг муваффақиятга элтувчи йўлларида ҳам яққол акс этган.

Кейн учун бу йўл узоқ ва машаққатли бўлган бўлса, Ҳоланд учун ёрқин ва шиддатли кечди.

Кейн англиялик мухлисларнинг йилларкм амалаг ошмаган орзуси рамзига айланган. Англия эркаклар терма жамоаси сўнгги бор жаҳон чемпионлигини 1966 йилда қўлга киритган. Шунинг учун мухлислар узоқ йиллардан бери қўшиқда куйланганидек "кубок уйга қайтиши"ни кутишмоқда. Эркаклар терма жамоаси ҳатто Европа чемпионатини ҳам юта олмаган, ҳолбуки аёллар терма жамоаси бу мусобақада кетма-кет икки марта ғолиб чиққан ва жаҳон чемпионати финалигача етиб борган.

Шахсан Кейннинг ўзи ҳам Англиядаги 14 йиллик фаолияти давомида омадсизликларга дуч келди. У "Тоттенхэм"нинг етакчиси ва рамзи бўлди, аммо клуб шу йиллар ичида ҳеч қандай соврин ютмади. Фақат Германияга кўчиб, Мюнхеннинг "Бавария" клубида юқори савияли шерикларга эга бўлганидан кейингина, ўтган йили Кейн ўзининг илк чемпионлик кубогини кўтарди.

Ўша пайтда унинг ёши қарийб 32 да эди.

Ҳоланднинг футбол фаолияти эса, аксинча, қийинчилик эмас, енгиллик ва юксалиш билан ўтмоқда. Норвегия 1998 йилдан бери Жаҳон чемпионати финал босқичига чиқа олмаган эди. Аммо Ҳоланд жамоасини нафақат турнирга олиб чиқди, балки гуруҳ босқичидан ҳам чиқарди ва плей-оффда Бразилияни мағлуб этишга ёрдам берди. У ўша учрашувда иккала голни ҳам урди ва Норвегия тарихида илк бор жаҳон чемпионати чорак финалига чиқди.

Шахсий фаолиятида ҳам Ҳоланд Кейинга қараганда анча эрта муваффақият қозонди. У 18 ёшидан совринлар йиғишни бошлаган ва 22 ёшигача Кейн учун орзу бўлиб қолган барча асосий ютуқларни қўлга киритди: Англия чемпиони ҳам бўлди, Чемпионлар лигасида ҳам ғалаба қозонди.

Ҳоланд нафақат бўйи жиҳатидан, балки самарадорлик борасида ҳам Кейндан устун. У АҚШдаги жорий чемпионатда тўрт ўйинда еттита гол урди. Кейн беш учрашувда қатнашиб, олти гол киритди. Улардан иккитаси жарима тўпи натижаси.

Ўйин услублари ўхшаш, аммо бир вақтнинг ўзида фарқли ҳам. Иккаласи ҳам ҳимояни ёриб ўта оладиган марказий ҳужумчилар. Бироқ Ҳоланд кучлироқ ва самаралироқ: гол уриши учун бир тегинишнинг ўзи кифоя. Бу чемпионатда у ҳар 50 дақиқада ўртача бир марта гол урган бўлса, Кейн ҳар 75 дақиқада битта гол киритган.

Кейн жисмоний куч ва ҳал қилувчи зарба бериш қобилиятида Ҳоланддан ортда қолиши мумкин. Аммо у каттароқ ва тажрибалироқ. Шунингдек, унинг вазифалари кенгроқ: у нафақат ҳужумни якунлайди, балки ҳужумни ташкил қила олади. Зарурат туғилганда позициясини ўзгартира олади.

Бу чемпионат статистикасида ҳам акс этган: Кейн олти голдан ташқари яна бир голга етаклаган тўпни ҳам узатган.

Ҳоланд ҳисобида эса голли пас йўқ.

Шунинг учун Кейн нафақат Англия терма жамоасининг асосий юлдузи, балки сардори ҳамдир. Ҳоланд эса Норвегия термасининг бош юлдузи бўлса-да, сардорлик боғичи Лондоннинг "Арсенал" клуби етакчиси Мартин Эдегорда.

Ким моҳирроқ: Кейнми ёки Ҳоланд?

Уларнинг ўхшаш жиҳатлари бундан-да кўпроқ.

Ҳоланд Англиянинг Лидс шаҳрида туғилган. Унинг отаси айнан шу ерда футбол ўйнаган. Агар Ҳоланд Норвегия эмас, Англия терма жамоасини танлаганида, эҳтимол, бугун Кейн ўрнида англияликларнинг асосий ҳужумчиси сифатида майдонга тушарди.

Кейн эса 2021 йилда "Тоттенхэм"дан "Манчестер Сити"га ўтиш бўйича келишув сўнгги лаҳзада амалга ошмай қолмаганида, бугун Ҳоланд эгаллаб турган "Манчестер Сити"нинг етакчи ҳужумчиси ўрнида бўлиши мумкин эди.

"Манчестер Сити" Кейн учун 100 миллион фунт (қарийиб 135 миллион доллар) таклиф қилган, "Тоттенхэм" эса камида 150 миллион фунт (200 миллион доллардан кўпроқ) талаб қилган эди. Шунда Премьер лиганинг сўнгги ўн йилдаги энг муваффақиятли мураббийларидан бири Пеп Гвардиола Серҳио Агуэронинг ўрнини босувчи футболчини яна бир йил қидиришга қарор қилди. Ва 2022 йил ёзида Дортмунднинг "Боруссия" клубидан анча ёш, шижоатли ва самарали ҳужумчи Эрлинг Ҳоландни уч баравар арзонроқ нархга сотиб олди.

Натижада 2022/23 йилги мавсумда "Тоттенхэм" Премьер лигада саккизинчи ўринни эгаллади ва барча кубок мусобақаларидан чиқиб кетди. Гарри Кейн одатда энг яхши тўпурар бўлиш учун кифоя 30 та гол урган бўлса-да, бу сафар ундан Эрлинг Ҳоланд устун келди. Норвегиялик ҳужумчи илк мавсумида рекорд даражада — 36 та гол урди ва "Сити"ни Англия чемпионати, Англия Кубоги ҳамда Чемпионлар лигасидаги ғалабалардан иборат тарихий "уч соврин" га етаклаб бора олди.

Гарри Кейн эса Англияни тарк этиб, Германияга йўл олди.

Бугунги кунда Ҳоланднинг трансфер қиймати Кейинникидан қарийб уч баробар юқори. Transfermarkt баҳосига кўра, 25 ёшли норвегиялик ҳужумчи 18 ёшли испаниялик Ламин Ямал билан бир қаторда дунёдаги энг қиммат футболчилардан бири ҳисобланади. Ҳар иккисининг қиймати 200 миллион евро деб баҳоланган. Кейннинг трансфер баҳоси эса нисбатан камтар — 60 миллион евро.